“Ёшларни маънавий оламини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда маданият ва санъатнинг ўрни” мавзусидаги Ёш тадқиқотчиларнинг Республика илмий-амалий ва назарий конференцияси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устивор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида таълим ва илм-фан, давлатнинг ёшларга доир сиёсатини амалга ошириш, таълимнинг янги, замонавий усулларини, жумладан, ахборот коммуникатив технологияларини жорий этиш соҳасидаги ишларни танқидий таҳлил қилиш борасидаги тўртинчи устивор вазифани ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг ҳаракат стратегиясида белгиланган таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш, мамлакатимизда санъат ва маданият соҳаларида ёш олимларни тарбиялаш, уларни ҳар томонлама билим олишлари ва жамиятда ўз ўрнини топишлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлардан кенг фойдаланишга даъват этиш, олий таълим муассасасида илмий салоҳиятни  оширишда малакали кадрларни ўстириш, уларни давлат илмий-техника дастури доирасидаги лойиҳаларга, халқаро грантларга ҳамда инновацион гуруҳларга жалб этиш мақсадида 2017 йил 20 апрелда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Ёшларни маънавий оламини юксалтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда маданият ва санъатнинг ўрни» мавзусида Ёш тадқиқотчиларнинг Республика илмий-амалий ва назарий конференцияси ўтказилади.

Конференцияни Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Бахтиёр Сайфуллаев очиб беради. Шундан сўнг ялпи мажлис учун сараланган маърузалар тингланади.

Ўтган беш йилда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган конференцияларда тўпланган тажрибага асосланиб, илмий салоҳиятни янада ошириш ниятида тақдим этилган 200 дан ортиқ мақолалардан 98 таси саралаб олинди ва улар қуйидаги 6 та шўъба негизида кўриб чиқилади:

1.       Санъатшунослик таҳлилида илмийлик, холислик ва тарихийликка риоя этилишини таъминлаш масаласи;

2.       Театр режиссёрларини тайёрлашнинг долзарб муаммолари;

3.       Саҳна ва экран драматургиясида замонамиз қаҳрамони тимсолларини яратишнинг  ўзига хос жиҳатлари;

4.       Телерадио каналлардаги бадиий кўрсатув ва эшиттиришларнинг илмий-назарий жиҳатдан  ўрганишнинг аҳамияти;

5.       Халқ ижодиёти ва миллий қўшиқчиликдаги изланишлар: муаммо ва ечимлар;

6.       Сўз санъати - инсон маънавий оламини кашф этадиган воситаси сифатида.

Ушбу илмий-амалий ва назарий конференциянинг илмий салоҳиятни ўстиришда, етук мутахассис кадрларни етиштиришда аҳамияти жуда беқиёс. Бунинг ёрқин мисоли ўтган қисқа беш йил давомида эришилган ютуқлардан кўриниб турибди. Талабалар ўртасида ўтказиб келинган конференцияларда фаол иштирок этган талабалар ўз салоҳиятларини ўстирган ҳолда кейинчалик Республика миқёсидаги кўплаб ютуқларга эришишди. Хусусан,  2012-2016 йиллар мобайнида иқтидорли талабалардан 2 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси, 5 нафари Навоий номидаги Давлат стипендияси, 3 нафари «ХХI аср – интеллектуал авлод асри» мавзусидаги Республика конференциясининг совриндори, 2 нафари Республика фан олимпиадасида 2-3-ўринларга сазовор бўлишди.

Конференциянинг якуний қисми соат 17:00да бўлиб ўтади ва унда шўъба раислари ўз ҳисоботлари, таклиф-мулоҳазаларини билдиришади. Билдирилган фикрлар асосида конференция резолюцияси ишлаб чиқилиб, истиқболдаги режалар белгилаб олинади.  

Савол-жавоб

Матбуот анжуманларида иштирок этиш учун кимга мурожаат қилиш керак?
Анвар Юсупов
Тошкент шахри
Миллий матбуот марказида ўтказиладиган Матбуот анжуманлари фақат ОАВ вакиллари учун мўлжалланган. Агар сиз ОАВ ходими ҳисобланмасангиз шахсингизни тасдиқловчи хужжат билан Маркмз маъмуриятига мурожаат қилишингиз мумкин.