Турли хил қишлоқ хўжалик экинларини ўстиришда экологик тоза ҳавфсиз препаратларнинг қўлланилиши бўйича

Ҳозирги кунда дунё миқёсида микробиологик препаратлардан кенг фойдаланиб келинмоқда. Микробиология институтида скрининг натижасида танлаб олинган микроорганизмлар асосида экологик тоза микробли ўғит ва препаратлар ишлаб чиқилган бўлиб, улар Республикамизнинг турли вилоятларида ярим саноат шароитида синовдан ўтган. Экологик тоза, ҳавфсиз ва самарали ўғитларни олиш технологиялари яратилган. Препаратлар Давлат кимёкомиссияси томонидан рўйхатга олинган ва уларнинг қишлоқ хўжалигида ишлатилишига рухсат берилган.

«Ер малхами» - азотфиксатор микроорганизмлар асосида яратилган экологик тоза биологик ўғит атмосферадаги азотни ўзлаштириш ва уни ўсимликлар озиқланиши учун қулай бўлган шаклга айлантириш хусусиятига эга бўлиб, уруғларнинг унувчанлигини оширади, тупроқни азотга бойитади, ҳосилдорликни оширади ҳамда минерал ўғитларнинг сарфини сезиларли даражада камайтиради.

«Вербактин»  - бактериялар ва актиномицетлардан иборат биопрепарат бўлиб, фунгицид хусусиятига эга бўлган ўсиш ва ривожланиш стимулятори сифатида ғўзада ишлатилишга тавсия этилган. Препарат ғўза ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари уруғларининг унувчанлигини яхшилайди, уларни вилт, гоммоз, илдиз чириши каби уруғ инфекцияларидан зарарсизлантиради, ўсимлик иммунитетини кўтаришга ёрдам беради. Биопрепарат Ўзбекистоннинг турли хил тупроқ ва иқлимга эга вилоятларида (Тошкент, Андижон, Бухоро) иссиқхона ва дала шароитларида синовдан ўтказилган. Вертициллез вилтга қарши биологик самарадорлиги 86,2% ташкил этган. 

«Микрозим-1» ва «Микрозим-2» биопрепаратлари ферментлар ва ўсиш стимуляторларини ҳосил қилувчи Pleurotus ostreatus базидиал замбуруғи, мицелиал замбуруғ ва актиномицетлар асосида яратилган. Ушбу препаратлар республиканинг қатор вилоятларида турли навдаги ғўза ва буғдой экинларида кенг миқёсли дала синовларидан ўтган.

«Микроўстиргич» экологик тоза биоўғити антибиотик, гибберрелин, индолил сирка кислотасини синтезловчи, целлюлоза парчаловчи физиологик фаол микроорганизмлар мажмуасидан иборат. Препарат экинларнинг ўсиши, ривожланиши, ҳосилдорлигини рағбатлантириб, уларнинг мослашувчанлик хусусиятини оширади ҳамда фитопатогенлардан ҳимоя қилади.

Учта бактериал ўғит – «FOSSTIM-1» (ғўза учун), «FOSSTIM-2» (буғдой учун) ва «FOSSTIM-3» (сабзавот экинлри учун) препаратларини суюқ ва қуруқ шаклда олиш технологияси ишлаб чиқилган ва синовдан ўтказилган. «FOSSTIM»  бактериал ўғитлар таркибида Bacillus авлодига мансуб фосформобилизация хусусиятига эга ризобактриялар бўлиб, улар тупроқдаги ўсимлик ўзлаштира олмайдиган минерал ва органик фосфатларни эритиб, осон ўзлаштириладиган шаклга айлантиради.

«SERHOSIL»  биопрепарати таркибига Scenedesmus авлодига мансуб уч турдаги микросувўтлари киради. Икки хил биоўғитни биргаликла қўллаш биотехнологияси ишлаб чиқилган, бунда тупроқ серҳосиллиги, қ/х экинлари ҳосилдорлиги 25-30%га ошган,  қ/х маҳсулотлари сифати, тупроқ ва сув экологияси яхшиланган, суғоришга кетган сув сарфи 20-30%га қисқарган ҳамда ўсимликларнинг касалликка чалиниши 50-60%га камайган.

       «БИОАЗОТ» биопрепарати Ўзбекистоннинг шўрланган тупроқларида ўсувчи ғўза ва буғдой ризосферасидан ажратиб олинган Azospirillum ва Azotobacter авлодига мансуб фаол азотфиксатор, фитогормонлар синтезловчи ва пестицидларни парчаловчи самарали бактерия штаммлари мажмуасидан ташкил топган. Ушбу маҳаллий штаммлар асосида олинган биологик препарат буғдой, ғўза ва бошқа экинларнинг ҳосилдорлигини ва шўрланиш шароитида турли хил касалликларга чидамлилигини оширишга мўлжалланган.


Савол-жавоб

Матбуот анжуманларида иштирок этиш учун кимга мурожаат қилиш керак?
Анвар Юсупов
Тошкент шахри
Миллий матбуот марказида ўтказиладиган Матбуот анжуманлари фақат ОАВ вакиллари учун мўлжалланган. Агар сиз ОАВ ходими ҳисобланмасангиз шахсингизни тасдиқловчи хужжат билан Маркмз маъмуриятига мурожаат қилишингиз мумкин.