Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) амалиёти, тажриба ва натижалар

Матбуот анжуманида хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш билан боғлиқ 2000-2017 йиллар давомида амалга оширилган ишлар ва натижалар тўғрисида маъруза тингланди.

Низом қабул қилинган ва кучга киритилган 2000 йилдан шу кунгача бўлган даврда республикамиз фуқаролари томонидан дунёнинг 50 га яқин давлатларини таълим муассасаларида таълим олганлиги тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш)ни сўраб 30 мингга яқин мурожааатлар бўлган. Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш бўйича тушган мурожаатлар Низом талабларига мувофиқ ўрганиб чиқилган ва Эксперт комиссиялари томонидан тегишли хулосалар бериб борилган. Соҳалар бўйича Эксперт комиссияларининг хулосалари асосида Давлат тест маркази тегишли қарорларни қабул қилган. Хусусан, нострификациялаш амалиёти жорий қилинган вақтдан бошлаб 11171 нафар (37,2 %) фуқаронинг ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълимга тегишли ҳужжатлари нострификацияланган ва нострификация гувоҳномалари расмийлаштириб берилган. Жумладан, 7123 та олий (дипломли мутахассис) маълумот тўғрисидаги таълим ҳужжати, 562 та магистр даражасидаги таълим ҳужжати, 1981 та олий бакалавр даражасидаги таълим ҳужжати ва 1505 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги ҳужжати нострификацияланган ва гувохномалар расмийлаштириб берилган.

Шунингдек, умумий ўрта ва ўрта таълимга тегишли бўлган хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларидан 2500 дан ортиқ фуқароларнинг ҳужжатлари нострификацияланган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялашни сўраб мурожаат қилган талабгорларнинг асосий салмоғи (94,9 %) қуйидаги 6 та мамлакат таълим муассасаларида, яъни, Россия Федерацияси (17,3 %), Қирғизистон (34,4 %), Тожикистон (33,2 %), Қозоғистон (5,3 %), Туркманистон (2,5 %) ва Украина (2,2 %) Республикалари таълим муассасаларида таълим олган.

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш бўйича тушган аризаларни вилоятлар кесимида таҳлил қилиб чиқадиган бўлсак, мамлакатимиз чегара ҳудудлари ҳисобланган Андижон, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари фуқаролари ҳамда Тошкент шаҳри фуқаролари кўпчилик қисмни ташкил этади. Жумладан, умумий тушган аризаларнинг 4767 таси (15,9 %) Андижон вилоятига, 3788 таси (12,6 %) Фарғона вилоятига, 4329 таси (14,5 %) Сурхондарё вилоятига, 2793 таси (9,3 %) Наманган вилоятига, 2529 таси (8,4 %) Тошкент вилоятига ҳамда 2868 таси (9,6 %) Тошкент шаҳрига ҳиссасига тўғри келади. 

  Сўнгги йилларда хорижий мамлакатларда таълим олганлик ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялашга талабнинг ўсиши кузатилмоқда, яъни 2013 йилда 1916 та, 2014 йилда 1996 та, 2015 йилда 2237 та, 2016 йилда 2305 та ва 2017 йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида 903 та аризалар рўйхатга олинган ва амалдаги тартибга мувофиқ хорижий мамлакатларда таълим олганганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш ишлари олиб борилган. 

Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги таълим ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш учун ариза билан мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бориши билан бир қаторда, белгиланган тартибда таълим ҳужжатларини нострификацияланган ва гувохномалар расмийлаштириб берилган талабгорлар сонида ҳам ўсиш тенденцияси кузатилади. Масалан, 2015 йилда 403 та олий таълимга тегишли ҳужжат нострификацияланган бўлса, 2016 йилда 417 та олий таълимга тегишли ҳужжат нострификацияланган. 2017 йилнинг  ўтган тўрт ойи давомида эса 174 та олий таълимга тегишли ҳужжат нострификацияланди ва тегишли гувохномалар расмийлаштириб берилди.

 Ўтган давр мобайнида «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги Низом» амалиётда қўлланилиши жараёнида маълум ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишга зарурият юзага кела бошлади. Ушбу заруриятдан келиб чиққан ҳолда ҳамда таълим соҳасидаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 апрелдаги «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 173-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарор билан Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг энг муҳимларидан бўлиб, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга ошириладиган ҳолатлар кенгайтирилди. Хусусан, халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига киритилган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест марказининг қўшма қарори билан ҳар йили рўйхати тасдиқланадиган таълим муассасаларида таълим олган битирувчиларнинг таълим тўғрисидаги ҳужжатлари тўғридан-тўғри (махсус синовларсиз) амалга оширилиши қўшимча сифатида киритилди.

Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ижросини таъминлаш, шунингдек, мамлакатимиз ёшларини хорижий давлатларнинг илғор ва дунёда тан олинган таълим муассасаларида билим олишларини рағбатлантириш учун халқаро тан олинган ташкилотларнинг (ARWUThe Academic Ranking of World Universities, THE - Times Higher Education,  QS - Quacquarelli Symonds) олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 500 талик рўйхатига кирган олий таълим муассасалари таркиби Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Давлат тест марказининг 2017 йил 12 апрелдаги қўшма қарори (22-Қ/Қ ва 12-Қ/Қ) билан тасдиқланди.


Савол-жавоб

Матбуот анжуманларида иштирок этиш учун кимга мурожаат қилиш керак?
Анвар Юсупов
Тошкент шахри
Миллий матбуот марказида ўтказиладиган Матбуот анжуманлари фақат ОАВ вакиллари учун мўлжалланган. Агар сиз ОАВ ходими ҳисобланмасангиз шахсингизни тасдиқловчи хужжат билан Маркмз маъмуриятига мурожаат қилишингиз мумкин.